"ВИА МАРОКАНД" ГУРУҲИНИНГ "ФИШКА"СИ ВА АБДУРАШИДНИНГ АСАЛ ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚАТЛАРИ(ЭКСКЛЮЗИВ) DARAKCHI.UZ -

"Сўғдиёна" газетаси Асал ва Абдурашид –"ВИА Мароканд"гуруҳи хонандалари билан суҳбат уюштирди.

—Қисқа фурсат ичида "ВИА Мароканд" талаб ўсиб бораётган гуруҳлар сафидан жой олиб улгурди. Машҳурлик ҳиссини туйяпсизми?

Асал: – Қўшиқларимиз ўз мухлисини топаётганидан хурсандмиз. Тўғрисини айтсак, бу даражада севимли гуруҳга айланамиз деб ўйламагандик.

Абдурашид: – Ният қилганмиз, халқимизнинг эътирофини қозонайлик дея, аммо қисқа фурсат ичида танилишимиз, тароналаримиз бу қадар оммалашиши... рости ақлга сиғмайдиган ишлар бўляпти.

—Хурсандмисизлар?

Асал: – Албатта!

Абдурашид: – Тингловчиларнинг меҳрини қозона олаётганимиздан беҳад бахтиёрмиз.

Асал: – Тадбирларга баъзан нимадир сабаб бўлиб, кайфиятсиз кириб боришимиз мумкин. Аммо одамларнинг юзидаги табассуми ва «Ҳозир қайси қўшиқни куйлашар экан» дея бизга қадалган нигоҳларидан дарров ўзимизни қўлга оламиз. Бир воқеа ёдимга тушди, «Баркамол авлод» спорт ўйинлари тадбирида қатнашаётиб, барча санъаткорлар бир саҳнада туриб, давлат мадҳиясини куйладик. Ўшанда томошабинларнинг бизга жўр бўлаётганларини кўриб, тўлқинланиб кетдим.

Абдурашид: – Роса йиғладингиз-а, ўшанда Асал?

Асал: — (кулиб) Ҳечам-да, йиғлаганим йўқ, фақат кўзларим ёшланди, холос.

Абдурашид: – Вилоятларда ўтказилган тадбирларда юриб шуни билдимки, халқнинг меҳрини қозониш қийин, аммо уни йўқотиб қўйиш жуда осон экан. Санъаткор қанчалик халқ билан яқин бўлса, ўзига фойда топаркан.

Асал: – Биз энди–энди вилоят миқёсидаги тадбирларда қатнашяпмиз, ростини айтсам, қандай бўларкин дея жуда қўрққандим. Ахир бу биринчи маротаба-да, биз учун. Лекин қаерга бормайлик, илиқ кутиб олишяпти.

Абдурашид: – Узр, Асал гапингизни бўламан. Ёдингиздами вилоятдаги биринчи тадбиримиз, «Тарнов» қўшиғига ишланган клипимиз энди чиққан пайтлар эди. Бошқа санъаткорлар қаторида ўтирибмиз-у, бизни танишармикан дея ҳаяжондамиз. Навбат беришганида эса «Тарнов»ни ижро этдик ва «Шулар айтганми бу қўшиқни?» деган шивир-шивирлар эшитилди залда.

Асал: – Қўлимизга микрафон тутқазишганида-чи, эсингиздами қандай ҳаяжонлаганимиз, бир–биримизга «Сиз гапиринг» деб қолгандик.

Абдурашид: – Лекин бугун анча дадилмиз. Сиз билан сўнгги учрашувимиздан кейин интервьюларга бинойидек тилимиз келишиб қолди (кулади).

—Кўча–куйда таниб қолишаётгандир?

Абдурашид: – Асал билан бирга юрсак, дарров танишади. Алоҳида–алоҳида бўлганимизда эса «Мароканд» эканлигимизни биров билса билади, билмаса йўқ.

Асал: – Хизматларга кетаётиб, йўл–йўлакай дўконга кириб қолсак, дастхат сўраб, суратга тушиб олайлик дея атрофимизни ўраб олишади. Шошилиб турган бўлсак ҳам рад қилолмаймиз.

Абдурашид: – Гавжум жойларда юрсак, атрофимизни болалар ўраб олишади. Эринмай ҳаммаси билан расмга тушамиз. Завқи ўзгача-да! Бу худдики бирор егуликни мазза қилиб тановул қилгандек ёки орзунгиздаги бирор нимани сотиб олгандаги ёқимли кайфият беради.

Ижро услубингиз кўпчиликка манзур келаётгани рост, аммо шу билан кифояланиб қолмасангиз керак?

Асал: – Бир хиллик бир кун келиб меъдага тегиши мумкин демоқчисиз-да, шундайми? Ҳозирча ижро услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз, негаки айнан шуниси билан биз «Мароканд»миз! Балки кейинчалик продюссеримиз Жавлон Шодмоновнинг таклифи билан бошқа ижро йўналишини ҳам синаб кўрармиз.

Абдурашид: – Вақт ўтгани сайин юзимиздаги болаларча беғуборлик йўқолади. Ўзимизга қолса-ю, бундай бўлмаса эди. Фурсати келиб, ижро услубимизни ёшимизга мос тарзда ўзгартириш талаб қилинса, шундай бўлади ҳам. Бироқ бу кескин равишда эмас, аста–секинлик билан амалга оширилади.

—Нима бўлганида ҳам «Мароканд»нинг «фишка»си сақланиб қолинади, демак?

Абдурашид: – Ҳа! Бизни танитган, клипларимизнинг оммалашишига хизмат қилаётган ҳам айнан «Мароканд» «фишка»си, уни йўқотмасликка ҳаракат қиламиз.

Адашмасам, сиз мақом билан шуғулланган экансиз Асал?

Асал: – Ўқувчилик даврим мақом тўгарагига борганман, аниқроғи уйдагилар шуни исташган ва мени машғулотларга қатнаяпти деб ўйлашарди. Мен эса кўча айланиб, йўл-йўлакай сотиладиган мазали ширинликларни сотиб олишга қизиқардим. Аммо мақомни давом эттирмадим. Хореография мактабига ўқишга кирдим.

—Нима деб ўйлайсиз, ҳозир мақомдан дарс олсангиз овоз имкониятингиз етармикан?

Асал: – Рости билмайман.

Абдурашид: – Давом эттирса, эплаб кетади. Баъзан менга бақириб қолишларидан биламан-да, овоз имконияти яхши (кулади).

— "МУ5" телеканалининг «Дубляжда артистларда» лойиҳасида иштирок этдингиз, аммо қийналганингиз билинди.

Асал: – Биз дубляж актёрлари эмасмиз, қолаверса, лойиҳа шартига кўра бир маротабада овозлаштириш керак экан. Шунга ҳам қийналдик. Айниқса, менга жуда оғир бўлди. Балки бир ўзим бўлганимдами уддалардим, аммо кетма–кетликда матнни ўқиш чалғитаркан.

Абдурашид: – У ерда импровизация ҳам керак эди-да.

Асал: – Мен имправизацияга яхшиман, буни биласиз. Аммо энг асосийси овоз билан ишлаш! Бу эса ғоят машаққатли. Бунинг устига бизга берилган мультфильм ва фильмдан парчаларни ҳам эслолмадим, балки ҳаяжонлангандирман. Продюсеримиз Жавлон аканинг бир одатлари бор, «Қилолмайман» деган сўзни қабул қилмайдилар. «Бажарасан» дейдилар-да, ўзингизни синаб кўришингизга имконият ҳозирлайдилар. Бу инсон жуда яхши устоз!

Абдурашид: – Актёр, режиссёр, продюссер, қўшиқ ҳам айтадилар...

Асал: – Ана бўлмаса, сирни очиб қўйдик-ку!

—Тадбирларда тўрт киши бўлиб хизмат қиласизлар-у, клипларда фақат иккингиз, нега шундай?

Асал: – Шерикларимиз бэк-вокал ижрочилари. Бошқа гуруҳлардан фарқимиз ҳам шу, ҳеч ким бэк–вокал билан хизматга чиқмайди. Бизда эса, ҳатто, либосларгача бир хил. Кимнидир ажратиб қўйиш йўқ. Тўртталамиз бир қаторда туриб ижод қиламиз. Ким билади дейсиз, балки кейинчалик улар ҳам гуруҳ сифатида фаолият юритишар.

—«Мароканд»да ижод қилаётганидан бери Асал анча ўзгарди, деган гапларни эшитдим...

Асал: – Нега энди, ўзгарганим йўқ.

—Ташқи кўринишингизни назарда тутгандим, кун сайин гўзаллашиб бораётган экан.

Асал: – Ҳа-а-а, (кулиб) раҳмат! Сири нимада демоқчисиз-да, а? Мухлисларнинг меҳри бўлса керак! Юз-кўзим, ҳаммаси ўзимники, табиий (кулади). Қолаверса, улғайяпман, шунинг ҳам таъсири бор. Балоғат ёшида ўзимга ёқмасдим, жуда инжиқ эдим. Ўсмирликдан ўтяпман чоғи, ташқи кўринишим ўзгариб боряпти.

Абдурашид: – Гуруҳ энди ташкил қилинган пайтлари Асал жуда қайсар, ўзиникини маъқуллайдиган қиз эди.

Асал: – Уйқучи, кеч қолиб келадиган...

Абдурашид: – Орадан кўп вақт ўтмаган бўлса ҳам Асалда ўзгаришлар бор. Кези келганида продюссерларимиздан дакки эшитиб, бугун мен ҳам, Асал ҳам ишга масъулият билан қарашни ўрганяпмиз. Лекин хизматгами ёки тадбирга кетаётиб, кимдир ушланиб қолса, бир–биримизни ҳимоя қиламиз. «Ёнимда, бирга кетяпмиз» дея.

—Сирни очиб қўйдингизми?

Абдурашид: – А, йўғ-э (кулади)

Асал: – Менга қолса, пардозсиз юришни афзал биламан. Табиий кўринишимдан сира уялмайман ҳам.

—«Тош табиб» фильмидаги дебют ролингиз ҳақида суҳбатлашсак, ижронгиздан кўнглингиз тўлдими?

Асал: – Йўқ! Қандайдир ҳаяжонландим. Қаҳрамонимнинг сўзлари роль матни эканлигини ҳис қилиб турганимгами, тутилиб қолавердим. Чунки ёлғон сўзласам, дудуқланиб қоладиган одатим бор. Устоз актёр–актрисаларнинг ижросини кузатиб, ҳаракат қилдим уддалашга, лекин йиғлаган пайтларим ҳам бўлди. Мен ўзимни актриса ҳисобламайман, кинога эса анча қовун пишиғи бор ҳали (кулади).

Абдурашид: – Мен эса ролимдан мамнунман, ижром ёқди!

Ойбек ва Нигора, Фарҳод ва Ширин – кўпинча сўз усталаримизнинг нишонига айланишади. Аммо «Мароканд» ҳақида ҳазиллар...

Абдурашид: – Бор! «Дизайн» жамоаси концертида ҳазил бўлди, телевидениедаги комедик дастурларда кулгуга олишади. Шахсан мен бундан ранжимайман, аксинча хурсанд бўламан. Бу ҳам бир реклама-да!

Асал: – Жиддий кулгуга олишганича йўқ-ку, лекин кичик ҳазиллар бўлиб туради. Биз ҳақимизда гапираверишсин, майлига.

—Гапиришсину, аммо яхши сўзлар билан тилга олишсин! Айнан шуни тилаб қоламан суҳбатимиз якунида

Асал/Абдурашид: – Айтганингиз келсин!

Блиц:

Асал, Абдурашид ҳақида:

Бирор бир ашаддий мухлисаси унга севги изҳор қилса...

—Ҳайрон бўлганча, кулиб, қараб қолади. Қиз боланинг севги изҳор қилиши бу жасорат. Мен бундай қилолмасдим.

Абдурашид: – Тўйларда кўп бора сезганман, ёнимиздан қизлар ўтиб кетса, Асалнинг нигоҳлари дарров менга қадалади.

Асал: – «Жим бўлинг» дейман кейин, чиройли қизлардан кўз узолмай қолишади-да булар.

— Шеригингиз кимдан ё нимадан қўрқади?

...ойисидан ҳайиқиб туради.

—Болаликда дўстлари уни нима деб аташган?

—Рашид бўлса керак...

Мактабда ўзлаштириши қийин бўлган фан қайси?

Математика деганди.

Санъатдан ташқари уни қайси соҳада кўроласиз?

—Футболда!

Абдурашид, Асал ҳақида:

—Тасаввур қилинг, офисга келсангиз Асал йиғлаб ўтирибди...

—Ҳоли жонига қўймай сабабини билиб оламан. Асалнинг шунақа одати бор, бирор масаланинг ечимини тополмаса йиғлайди.

—Овқат тайёрлашни биладими?

—Ҳа! Баъзан меҳрибончилиги тутиб, уйдан овқат пишириб келади, кўпроқ Европача таомлар тайёрлайди. Номини билмайман-у, лекин жуда мазали чиқади.

Асал: – Сомсани жуда мазали пишираман. Чунки ўзим яхши кўраман-да.

Абдурашид: – Лекин егиси келган нарсани тановул қилмагунча тинчимайди. Жаҳлим чиқса ҳам тишимни тишимга босиб, айтганини қиламан. Ҳаммасидан ҳам ошни яхши кўради.

Кийинишини кимдир танқид қилса...

—Ўзиникини маъқуллайди ва «Менга ёқса бўлди» дейди. Гапирсам, айтганимга киради, аммо нотаниш одамларнинг танқидини кўтармайди.

—Қайси хонанданинг қўшиғини соатлаб эшитади?

—Рашид Ҳолиқов тароналарини.

Унинг сиз билган энг катта орзуси?

—Уни қадрлайдиган инсонга турмушга чиқиб, ширин-ширин фарзандларнинг онаси бўлиш!

Бу дейман куёвболани ҳам кўпчилик бўлиб синар экансизлар-да?

—Албатта! Энг биринчи бўлиб менинг имтиҳонимдан ўтади. Лекин айтиб қўяй, Асални ўзига яраша феъли бор, шунга ҳам уни тушунадиган куёв учрасин деяпман-да.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.


Похожее

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив