Машҳурлар озиш сирларини ошкор этишди! Энди уларнинг усули билан озамиз -

Ойнаи жаҳонда, саҳнада машҳурларнинг ташқи кўринишини кузатиб боришга одатланганмиз. Ҳар гал ўзгариб борувчи қадду қомматни кўриб «Булар бир деганда хипчабел бўлиб олишадия. Қандай озишар экан?» дея изоҳ берадиганлар ҳам бор. Четдан қараганда бир зумда пайдо бўлган чиройли қомат ортидаги машаққатлар эса шу кунгача сизга сир эди. Аммо саҳифамиз орқали санъаткорларнинг сирларини фош қиламиз.

«САЛАТЛАР – МЕНИНГ ДЎСТИМ»

Улуғбек ҚОДИРОВ, актёр: — Ўзингиз яхши биласиз, бизнинг касбда аввало ташқи кўринишга эътибор қаратилади. Агар таклиф қилинган ролга жисмонан тўғри келмасак, ўз устимизда ишлашимиз керак. Жаҳонгир Аҳмедов «Мажнун» картинасига таклиф қилганида озиш учун астойдил ҳаракатни бошлаганман. Ёш ошиқ йигит образига мос келишим учун қоматим ҳам шунга мос келиши керак эди-да. Шунда фақат сабзавот ва мевалар билан чегараланганман. Бодиринг ва помидорлардан тайёрланган салатлар эса энг яқин «дўстим»га айланиб қолганди. Ҳатто, дўстлар билан чойхонада йиғилганимизда улар димлама, кабоб, палов сингари турли тансиқ таомларни буюртиришса, мен салатлар билан чегараланардим. Аммо фақат парҳез билан яхши натижага эришиб бўлмайди. Организмни тозалаш билан биргаликда, албатта, жисмоний ҳаракат ҳам зарур. Мен ҳам ҳар куни 4-5 соат вақтимни спорт залнинг югуриш йўлакчасида ўтказганман.

«САҲАРЛИККА ГАЗСИЗ СУВ»

Ҳалима ИБРАГИМОВА, қизиқчи: — Гарчи касбим учун тўлалигим қўл келса-да, саломатлигим юзасидан бироз бўлса ҳам вазн ташлашга қарор қилганман. Бунда эса оддий усуллардан бирига мурожаат этганман. Ҳар куни саҳарликда, газсиз сув ичардим. Кимлардир 200 мл.дан ичса бўлади дейди. Аммо мен бу борада бироз ўзгартириш киритганман. Сувни ўзим ича олганимча ичардим. Бу эса ичак тизимини тозалашга ёрдам беради. Шу билан бирга имкон қадар енгилроқ, ёғсиз таомларга мурожаат эта бошладим. Шундай қилиб, бир йил ичида 15 кг. вазн билан аста-секинлик ҳайрлаша бошладим.

«СЕМИЗ ДЕЙИШГАНДИ...»

УМИДАХОН, хонанда: — Ижодимни энди бошлаган пайтларим кастингга боргандим. Ҳайъат аъзоларига овозим, вокал имкониятим маъқул келган-у, «Бироз озишингиз керак» дейишган. Ўшанда роса хафа бўлгандим. «Баҳона қилишди, уларга тўғри келмас эканман» деб ўйлагандим. Аммо миямда «Агар озғин бўлганимда, балки кастингдан ўтардим» деган хаёл айланаверган. Шу воқеа таъсирида 2-3 йилда таниб бўлмас даражада озиб кетганман. Аммо қатъий парҳез қилганман, спорт билан шуғуланганман деб ҳам айтолмайман. Балки стресс шундай таъсир қилгандир... Озганимдан кейин яна ўша марказининг кастингида иштирок этганман. Бу сафар қабул қилишган. Ўшанда санъаткор учун қомат ва ташқи кўриниш муҳим эканини тушунгандим. Аҳир экраннинг ўзи инсонни 7 кг.га семиз кўрсатади, деган гап ҳам бор-ку...

«ИСТЕЪМОЛ СОДАСИ ВА МАХСУС ЧОЙ»

Нилуфар УСМОНОВА, хонанда: — Қишлоқда бувимнинг тарбиясини олиб улғайганим учун ёшлигимда дуркун қиз эдим. Тўғриси, бу менга сира ҳалақит бермасди. Аммо учинчи ўғлимни дунёга келтирганимдан кейин тарозига кўзимнинг қирини ташласам, 73 кг.ни кўрсатиб турибди. Ана ўшанда «Тамом, озаман!» дедим. Биласизми нима учун? Атрофимдагиларга, мухлисларимга, ва ҳатто, турмуш ўртоғимга ёқиш учун эмас, аксинча ўзимни қулай ҳис этишим, кўзгуга қараганимда кўнглим кўзим қувониши учун. 4 ой давомида оч қолдирадиган парҳез тутиб натижага эришолмадим. Кейин машғулотлар залига бора бошладим. Натижа кўрингани сари қизиқишим ортиб бораверди. Яна ҳар уч кунда бир марта иссиқ сувга 750 грамм истеъмол содаси ва 500 грамм ош тузини аралаштириб, 40 дақиқа давомида ванна қабул қилдим. Ваннадан чиқибоқ занжабил, лимон ва асал қўшиб дамланган чой ичдим. Менимча, ортиқча сантиметрлардан халос бўлишда энг муҳими – шошмаслик. Бир ҳафтада ёки бир ойда эришиладиган нарса эмас бу. Сабр ва мақсад. Мана шу менинг стратегиям. Роппа роса бир йил ўтиб, яна тарозига турдим. 49 кг!

«ЙИЛ ЎН ИККИ ОЙ НОНСИЗ ЯШАГАНМАН»

Жамила ҒОФУРОВА, актриса: — Кинодаги биринчи ролим учун қаттиқ ҳаракат қилишимга тўғри келган. «Дилҳирож» фильмида бош қаҳрамоннинг дугонасини ўйнагандим ўшанда. Режиссёр агар бош ролларни ижро этишни истасам, ташқи кўринишимни тартибга келтиришим кераклигини айтгач, ўзимга ўзим «Мен, албатта, озаман!» деб мақсад қўйиб, бир йил давомида нон маҳсулотларини емаганман. Эрталаблари бир неча километр югуриб, тинимсиз спорт билан шуғуланганман. Ана шунда 10 кг.дан ортиқ вазндан халос бўлиб, кўзлаган мақсадимга эришганман. Аммо уни бугунги кунда ушлаб туриш учун ҳам озмунча меҳнат қилаётганим йўқ! Доим таомномамни назоратда ушлаб туришим шарт.

«ФАҚАТ ТУШЛИКДА ОВҚАТЛАНАМИЗ»

Мадина МУМТОЗ, актриса: — Касбинг учун нималар қилмас экансан киши. Роллар учун кўпчилик озишга ҳаракат қилган бўлса, мен «Ўзимдан-ўзимгача» фильми учун 5 кг.га семиришимга тўғри келган. Бу қарорни қабул қилиш қанчалик оғир бўлмасин, ўзимни мажбурлаганман. Семиришни истамайдиган қиз ва аёллар мени яхши тушунишади. Лекин бир нарсани аниқ: ишонч билан айтишим мумкин-ки, семиришдан кўра озиш а-а-анча қийин экан. Роль учун қанча тез семирган бўлсам, шунча секин аввалги вазнимга қайтганман. Яъни сантиметрларни тўплаш учун кам ҳаракат қилиб, катта-катта еган бўлсам, озишга келганда бир кунда бир мартагина тановул қилганман. Фақат тушликликда, шунда ҳам ёғсиз тоамлар билан ўзимни меҳмон қилардим. Қолган пайтлари фақат сабзавотлар ва мева ердим.

«ПАРҲЕЗГА ЕТТИ КУНГИНА ЧИДАГАНМАН!»


ОЙБЕК, хонанда: 
— Бугунги кунда озиш дардида юрганлар жуда кўп. Бундан бир неча йил илгари менда ҳам шу нарса билан юзлашганман. Мутаҳассисларнинг маслаҳатига кўра, парҳез қилгандим. Унга кўра, нонушта қилинмайди. Фақат тушлик ва баъзи баъзида кечки овқатга рухсат бор. Яъни жами етти кунлик парҳезнинг биринчи кунида тушликда иккита қайнатилган туҳум, кечки овқат мумкин эмас. Иккинчи куни эса тушликка 150 гр. тузсиз қайнатилган мол гўшти, кечга эса 200 гр. «докторский» колбаса ва бир стакан қаттиқ... Хуллас, ҳар бир кун жадвалга қараб махсус егуликлар ва сабзавотлар билан тўлдирилган. Очиғини айтсам, фақатгина бир ҳафта чидолганман. Аммо шу вақт ичида 3 кг. озгандим. Бу парҳез деганлари мени қийнаб юборганидан кейин спортдан яхшиса йўқ экан, деган хулосага келгандим (кулади). Шундай қилиб, бугунгача мунтазам спорт залига қатнайман.

  DARAKCHI.UZ Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади.


Похожее

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив