МУНИСА РИЗАЕВА РАШИД ХОЛИҚОВ БИЛАН КУЙЛАНИШИ КЕРАК БЎЛГАН ҚЎШИҒИНИ ЎЗИ КУЙЛАГАНИ ВА АРМОНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ) Darakchi.uz -

Муниса Ризаева билан суҳбатлашганда унинг шартаки, ҳақиқатпарвар, ўз ишини севувчи ва санъат оламига телбаларча ошиқлигига амин бўласиз. Куйлаган ҳар бир қўшиғига юрагининг бир парчасини қўшадиган Муниса билан бугун санъат ва ижод ҳақида суҳбатлашдик. 

— Муниса, танқидларни мардларча қабул қила олишингизни биламиз. Лекин қанчалик бепарво бўлманг, ижодкорсиз, улар қалбингизга оғир ботса керак?

— Агар ҳақиқий камчилигимни айтиб, тўғри йўлга бошлаш ниятда гапиришса, аксинча уларнинг фикрларидан хурсанд бўламан. Чунки журналистлар, мухлислар санъаткорни ёмон йўлга бошламайди. Лекин афсуски, бугун бўлар- бўлмас гапларни дастак қилиб, хонанда ёки актёрни жиғибийрон бўлишини томоша қилиш “урф” бўлиб бораётгандек...


—Яқинда “Хафа-хафа” қўшиғингизга ишланган клипнинг премьераси бўлди...

— “Манго” гуруҳи хонандаларидан бири Ҳамдам менга бу қўшиқни олиб келганда бир марта тинглашим билан маъқул бўлган. Одатда тайёр қўшиқларга ўзимнинг стилимга мослаштирардим. Бу гал ундай бўлмади. Хуллас, тайёр қўшиқни тақдим этганимизда мухлислар ҳам яхши кутиб олишди. Шундан кейин клип жараёнларини бошлаб юбордик. Клип ғояси ва сценарийси Даврон Кабуловга тегишли. Даврон билан анчадан бери дўстмиз, у менга воқеани айтиб берганда, у тасаввуримда пайдо бўлди. Ўзим истагандек натижа берган ижодий ишимдан бугун жуда мамнунман. Ҳа дарвоқе, яна бир гап, аслида, бу қўшиқни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиков билан дуэт тарзида куйламоқчи эдик. Бироқ маълум бир сабабларга кўра ишимиз чўзилиб кетди. Кейин яккахон куйлаб қўя қолдим. Лекин келажакда Рашид ака билан албатта ҳамкорлик қиламиз.

— Қўшиқ сўзларидаги “Ичиб олганмисиз, нима бало? Гапингиз эшитилмаяпти” деган гаплар ўзингизга бироз қўпол туйилмадими?

— Йўқ, асл. Чунки мени мухлисларим ана шундай ноодатийлигим билан қабул қилишган. Шунинг учун қўшиқнинг бундай кутилмаган жиҳатлари уларга эриш туйилмаслигига ишонаман. Шунингдек, мен қўшиқда ҳам, клипда ҳам бугун ёш оилаларда учраб турадиган баъзи муаммоларни комедик жиҳатдан кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим.


— Сўнгги пайтларда клипларга жуда катта эътибор қаратаётганингиз сезиляпти...

— Тўғри, чунки бу профессионал сифатидаги вазифаларимдан бири. Куйлаган қўшиқларимни тўлалигича халққа тақдим этадиган — клипга эътиборсиз бўлсам, ишда ютқазишим аниқ.

— Интервьюларингизнинг бирида “Йигитали Мамажонов билан партнерликда роль ўйнаш орзуим эди, бу амалга ошди” деган экансиз...

— Ҳақиқатдан ҳам шундай. Чунки Йигитали ёш актёрлар орасида энг маҳоратлиларидан бири. Уни инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан.


— Оилада кўпроқ ўғил болага юклатиладиган масъулиятни сиз зиммангизга олгансиз...

— Тўғри,ота-онам учун қиз эмас, ўғилман, десам ҳам бўлади (кулади). Тан олиб айтаманки, бу менга ёқади. Чунки отам ва онам ўғлим йўқ деб ўксинишларига ҳожат қолмайди. Нима муаммолари бўлса, ўзим ҳал қилиб беришга тайёрман.

— Аммо нима бўлганда ҳам қиз боланинг кўнгли нозик бўлади. Ҳаёт ташвишларидан чарчаган пайтларингизда вазиятдан қандай чиқасиз?

— Чарчасам ҳам лекин фарзанд сифатида оилам учун ҳар қандай ишга тайёрман. Вақти-вақти билан ҳорғинлик сезганимда, ҳис-ҳаяжонга берилмайман, шунда ҳаммаси ўтиб кетади.

— Болаликдан тўкин ҳаётда яшаб ўрганган инсонсиз, лекин бир кам дунё дейишади. Амалга ошмаган қандай орзуларингиз бор?

— (Ўйланиб) Шахсий ҳаётда ҳали бахтимни учратмадим. Лекин оқ куйлак кийиб келин бўлгим ва кўп фарзандларим бўлишни истайман...


Блиц саволлар:

— Шоу бизнесда ҳамма нарсани пул ҳал қилади(ми?)

— Йўқ. Машҳур бўламан деб ижодига катта миқдорда пул тиккан, лекин натижага эришолмаганларнинг кўпини кўрганман.

— Чет элга борганингизда биринчи қиладиган ишингиз бу...

— Ухлаш. Чунки кеча ва кундузги режимни тўғрилаб олиш учун тўйиб ухлашим керак.

— Ўзбекистонга келганингизда-чи?

— Чарчаганимга қарамай, ўша заҳоти кўчага чиқиб кетаман. Ватан соғинчини шундай қондирсам керак...

— Ташқи кўринишингизда яна нималарни ўзгартирган бўлардингиз?

— Энди ўзгаришга ҳожат йўқ. Ўзим истагандек ташқи кўринишга эга бўлдим.

Алия СУЛАЙМАНОВА


Похожее

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив