Ғуломжон Ёқубов ёшларга тақлиди, актёрликка ҳавас ва аёлларни севиши ҳақида -

У ёшларни тушуниб, навқирон авлодни қўллаб-қувватловчи устоз санъаткорлар, муҳаббатни қадрловчи, уни изҳор эта биладиган ижодкор...Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон халқ артисти, самимий, ҳамсуҳбат ажойиб инсон Ғуломжон Ёқубов. 

— Ғуломжон ака, бўш вақтингизни топиш биз учун бироз қийин бўлди. Доим ижодий сафарлар, янги қўшиқлар яратиш билан бандсиз.

— Менимча, бугун бекорчи юрган одамни топишнинг ўзи қийин масала бўлса керак. Нафақат биз санъаткорлар, балки ҳар бир соҳада қизғин иш жараёни олиб борилмоқда. Шахсан ўзимга тўхталадиган бўлсам, айни кунларда янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Уларнинг айримларига клип суратга олишга ҳам тайёргарлик бор. Бундан ташқари, вилоятлар бўйлаб ўтказилаётган ижодий учрашувларда ҳам қатнашиб турибмиз.

— Умуман олиб қараганда, доим режа асосида ишлайсизми?

— Кўпроқ шунга ҳаракат қиламан, десам тўғрироқ бўлади. Аммо ўзингиз яхши биласиз, биз санъаткорларнинг вақтимиз доим ўзимизга тегишли бўлавермайди. Бир кун олдин бирор бир ишни режалаштириб қўйсам, эртасига кутилмаганда ўзгаришлар бўлиб қолиши мумкин. Бундай пайтларда бошқаларнинг ҳам имконияти, кези келганда, илтимосларини ҳам инобатга олиб иш тутаман.


— Тўғри, ахир ҳар бир воқеа ўз ортида катта бир ҳикматни яширади деб бекорга айтишмаганку...

— Жуда ҳақ гапни айтдингиз. Аммо бу иборанинг тагида катта маъно борлигини ёшликда ҳамма ҳам тушунавермас экан. Ҳатто, ўзимиз ҳам ёшлик қилиб ҳуда-беҳудага асабийлашганимиз, режалаштирган ишларимиз маълум сабабларга кўра амалга ошмаган бўлса, шошқалоқлик қилган пайтларимиз бўлган. Бу хатоларни фақат ёш ўтганда, ҳаётий тажрибангиз ортганида тушунар экансиз. Яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Ёшлар орасида «Бўлди, бугунги ютуқларим бутун умр мен билан. Энди ҳаммаси яхши бўлади» деб ўйлаб, босар-тусарини билмай, оёғи ердан узиладиганлар бор. Аммо ҳаётда ҳар қандай воқеага тайёр туриш керак.

— Ҳамкасбларингиз, умуман сизни яқиндан таниган инсонларни таърифлашича, фикрингизни ўзгартириш қийин экан.

— Тўғри! Агар қатъий қарорга келсам, уни ҳеч ким ўзгартиролмайди. Иккиланган пайтларимда эса ташқаридан бировнинг фикрини тез қабул қиламан.

— Сиз-чи, бировларнинг қарорига таъсир ўтказа оласизми?

— (Бироз ўйланиб) Менимча таъсир ўтказа олсам керак. Лекин ўзимга ўхшаган қайсар бўлса, қўлимдан келмаслиги ҳам мумкин (кулади).

— Бугунги ёш ижодкорларни доим қўллаб-қувватлаб келишингизни яхши биламиз. Доим улар билан биргасиз. Хўш, устоз санъаткор сифатида уларнинг бугунги кундаги энг катта муаммоси нима деб ўйлайсиз?

— Ёш хонандаларнинг энг катта муаммоси бу бировнинг тайёр қўшиғини олиб уни ўзиникидек ижро этаётганида. Аслида, улар меники деб айтаётган қўшиқ ва клип учун муаллиф қанча меҳнат қилган, изланган. Улар эса бунга эътибор бермай, тайёр қўшиқни қайта куйлашяпти. Баъзида, ҳатто, меники деб даъво қилишдан ҳам уялишмайди. Энг ачинарлиси, кўпчилик шу йўл билан тўй хизматларини кўпайтиришни мақсад қилиб олган. Хорижда аллақачон хит бўлган тарона сўзларини ўзбекчага ўгириб, куйлашади. Ана шу меҳнатни муаллифлик қўшиқлари учун сарфлашларини, ўзимизнинг миллий оҳанглардан унумли фойдаланишларини истардим. Юқорида тилга олинган тоифадаги ижодкорларнинг фикру хаёли фақат фақат пул топиш бўлиб қолган. Муаммоларимиздан яна бири — хонандаларнинг шоирлар билан ишлашни унутишганида. Минг афсуски, кўпгина ёшларимиз осон йўлда ижод қилишга ўрганишган.

— Лекин негадир, шундай қўшиқларни тингловчилар ҳам эшитаяпти, хиргойи ҳам қилишаяпти...

— Ҳадеб, битта сўз қайтарилаверилса, қўшиқ тинимсиз «айлантирилаверилса» одамни эсида қолади-да! Аммо бундай нарсалар ёши катталарнинг ғашига тегади. Фақат улар бу «дардини» матбуотда эълон қила олишмайди.


— Ғуломжон ака, сизнинг тинимсиз изланишда эканингизни биламиз. Ҳатто, турли шоу-дастурларда ҳам жуда фаолсиз. Лекин бошқа устоз санъаткорлар камнамо. Сабаб нимада?

— Бу жуда мураккаб масала. Санъаткор ўзини шу нарсага бўйсундириши керак. Масалан, 1995 йили мен халқ ижрочилигидан миллий эстрада йўналишига ўтиб, ёшларга қараб йўналишимни ўзгартирганимда кўп танқидларга учрагандим. Миллий эстрада йўналишини танлаб, хато қиляпсан деганлар ҳам бўлган. Бу нарсаларни ҳамма ҳам ўзида сингдиролмаган. Мен эса замон билан ҳамнафас бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Бошқа мен тенги санъаткорлар бу йўлни танламаганига келсак, мен улар учун жавоб бера олмайман.

— Бу мавзуни бекорга очмадим. Бундан бир неча йил илгари, «Уммон» гуруҳи билан Муниса Ризаева куйлаган дуэт қўшиғини сиз ва Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева биргаликда куйлаган эдингиз. Тан олиш керак қўшиқ жуда оммалашди.

— Бу қўшиқни куйлашдан мақсад, ёшлардан кўра ўзимиз яхши куйлаймиз деган фикрни исботлаш эмас, балки эътирозларга жавоб қайтариш эди. Биз ёшларнинг қўшиқларини куйлай олдик. Хўш, кўрайлик-чи, ёшлар бизнинг репертуардаги ашуларларни ижро этишга журъати етармикан? Ёшлар ҳам жиддий, маъно жиҳатдан салмоқли ижодий ишларга қўл уради, деган умиддаман. Бундан ташқари, айримлардан «Катталар бизни танқид қилишади, лекин ёшларбоп йўналишда куйлаш ўзларининг қўлидан келмайди» деган фикрларни ҳам эшитдик. Бу гапларни тўғри эмаслигини исботлаш учун ҳам Муножат Йўлчиевага дуэт куйлаш таклифини бердим. Қизиғи, гуруҳ вакилларидан садо чиқмади, бизга жавобан куйлашмади.

— Ижодингизни кузатар эканмиз сиздан яхшигина актёр ҳам чиқади, дейиш мумкин. Мисол учун, концертларингизда ёш қизиқчи ижодкорлар билан биргаликда комедик саҳналарни ҳам ижро этгансиз.

— Ўзингиз яхши биласиз, ижодимга янгиликлар киртишга қизиқаман. Ёшларни қизиқтирган нарсаларни ўзимда қўлласам, бу эътиборни тортишини яхши биламан-да. Бунда ўз-ўзидан ижодда ҳам ранг баранглик ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам сўнгги концерт дастурларимда ёшлар билан биргаликда ҳазиломуз кўринишларни саҳналаштириб тамошабинларга тақдим этдик.

— Нега миш-мишларга беэътиборсиз?

— Устозларим, мевали дарахтга тош отилади, дейишарди. Ҳамма нарсани кўнглига олавериш керакмас.

— Аёлларнинг сиз ҳақингиздаги айнан қайси суҳбати эътиборингизни тортган?

— (кулиб) Мен ҳақимда ҳамма, айниқса, аёллар жуда кўп гап қилишади. У гаплар хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, барчасига тайёрман. Нима дейишса, дейишсин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга ёмон сўз демайман.

— Нозик ҳилқат вакилаларига қандай таъриф берган бўлардингиз?

— Аёллар гўзаллик тимсолидир. Уларни қанча таърифласак оз. Шунинг учун мен уларга ўз тилакларимни айта қолай. Доим гўзал, соғлом ва жозибадор бўлинг. Ноз-карашмалар сизга доим ярашади. Мен сизларни доим яхши кўрганман, бундан кейин ҳам муҳаббатимни қўшиқларимда куйлаб юраман.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди.


Похожее

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив